KEEPING.UZ АХБОРОТ ТИЗИМИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИНИ БЕРИШ ТЎҒРИСИДА ЛИЦЕНЗИЯ ШАРТНОМАСИ — ОММАВИЙ ОФЕРТАСИ
Тошкент ш., 2024 йил «23» январдаги таҳрири
Ушбу Лицензия шартномаси (кейинги ўринларда «Шартнома» ёки «Оферта» деб юритилади) «REALSOFT» МЧЖнинг (бундан кейин Лицензиар деб юритилади) фойдаланувчига, бундан кейин Лицензиат ёки Фойдаланувчи деб юритилади, офертаси ҳисобланади. Ушбу Шартнома Лицензиат томонидан акцептланган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Ушбу таклиф Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 369-моддаси 2-қисмига мувофиқ оммавий оферта ҳисобланади.
1. АТАМАЛАР ВА ТАЪРИФЛАР
1.1. Дастур ёки дастурий маҳсулот – мутлақ ҳуқуқи лицензиарга тегишли бўлган, интернет тармоғининг www.keeping.uz манзилида жойлашган «keeping.uz» дастурий таъминоти ташкилотнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш учун мўлжалланган ва бухгалтерияни юритиш учун керак бўлган бошқа функционалларга эга дастурий таъминот.
1.2. Электрон рақамли имзо (ЭРИ) – ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда электрон ҳужжатдаги ахборотни махсус ўзгартириш натижасида ҳосил қилинган ҳамда очиқ калит ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда ўзгариш йўқлигини аниқлаш ва ёпиқ калит эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган имзо.
1.3. Дастурни янгилаш – Серверда ўрнатилган дастурни ва/ёки унинг компонентларини ўзгартирадиган, алмаштирадиган ва/ёки тўлдирувчи дастурий таъминот. Дастурнинг барча янгиланишлари унинг ажралмас қисмидир.
1.4. Лицензиар – Лицензиат билан дастурдан фойдаланиш ҳуқуқини (оддий (номутлақ) лицензия) бериш тўғрисида шартнома тузган юридик шахс.
1.5. Лицензиат/Фойдаланувчи – Лицензиар билан ушбу шартномада кўрсатилган шартлар бўйича шартнома тузган юридик шахс.
1.6. Лицензия – Лицензиар бошқа шахсларга лицензиялар бериш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда, (оддий номутлоқ) лицензия шартларига кўра, Шартномада белгиланган ҳажмда ва чегараларда Дастурдан фойдаланиш ҳуқуқи.
1.7. Лицензиянинг амал қилиш муддати – лицензиатга Лицензиядан фойдаланиш ҳуқуқи берилган давр.
1.8. Оддий номутлақ лицензия – Дастур нусхасидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз эҳтиёжи учун Лицензиар томонидан белгиланган ном остида, ўзгартириш ёки бошқа қайта ишлаш ҳуқуқисиз, тарқатиш ҳуқуқисиз фойдаланишнинг мутлақ бўлмаган ҳуқуқи, шунингдек Лицензиар ундан фойдаланиш ҳуқуқини ва бошқа шахсларга Лицензия бериш ҳуқуқини сақлаб қолади.
1.9. Ҳисоб-китоб даври – бир календар йилига тенг вақт даври.
1.10. Сервер – Дастурни ўрнатиш учун жисмоний сервер, унинг параметрлари томонлар тарафидан олдиндан келишилган.
2. ШАРТНОМА ПРЕДМЕТИ
2.1. Лицензиар мазкур Лицензия шартномаси бўйича Лицензиатга солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган дастурий маҳсулотдан фойдаланиш учун ушбу шартномада белгиланган тартибда оддий номутлақ лицензия беради.
3. ОФЕРТАНИ ТАСДИҚЛАШ (АКЦЕПТЛАШ)
3.1. Дастурдан фойдаланиш учун мазкур Оферта шартларига тўлиқ розилик билдирилиши ва қабул қилиниши лозим.
3.2. Ахборот тизимининг «Фойдаланувчилари/Лицензиатлари» ушбу Офертани ўзларига тегишли электрон рақамли имзо билан имзолаши фойдаланувчининг ушбу Оферта шартларига тўлиқ розилигини (акцептланганини) билдиради.
3.3. Бунда ушбу офертани аксептлашга тегишли ваколатга эга бўлмасдан мазкур офертани акцептлаган давлат буюртмачилари тегишли органлар олдида мустақил жавобгар бўладилар.
4. ДАСТУРДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИНИ БЕРИШ ШАРТЛАРИ
4.1. Фойдаланувчига www.keeping.uz дастуридан фойдаланиш имконияти қуйидагиларни амалга оширгандан кейин берилади:
4.1.1. Фойдаланувчининг электрон рақамли имзоси ёрдамида рўйхатдан ўтган фойдаланувчи сифатида авторизациядан сўнг, шунингдек,
4.1.2. Дастурдан фойдаланиш учун тўловни амалга оширгандан сўнг.
4.2. Фойдаланувчи Шартнома бўйича ўз ҳуқуқларини учинчи шахсга ўтказишга ҳақли эмас.
4.3. Фойдаланувчи www.keeping.uz веб-сайтига авторизация қилиш учун мўлжалланган шахсий рўйхатга олиш маълумотларини (ЭРИ, логин ва парол) бериш ҳуқуқига эга эмас ва ушбу маълумотларнинг хавфсизлиги ва махфийлигини таъминлаш мажбуриятини олади. www.keeping.uz сайтида фойдаланувчининг ЭРИдан ёки логин ва паролдан фойдаланган ҳолда амалга оширилган барча операциялар Фойдаланувчи томонидан амалга оширилган деб ҳисобланади. Лицензиар фойдаланувчининг рўйхатдан ўтиш маълумотларидан учинчи шахслар рухсатсиз фойдалангани учун жавобгар бўлмайди.
4.4. Фойдаланувчи қуйидагилар ҳақида хабардор қилинган ва уларга розилигини билдиради: Лицензиар ўз хоҳишига кўра дастурнинг маълум бир функционалларидан фойдаланишда қўшимча чекловлар ўрнатиши мумкинлиги, дастурнинг айрим фунционаллари Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган Фойдаланувчилар учун ишламаслиги. Лицензиар дастурдан ҳар қандай ноқонуний мақсадларда фойдаланадиган ёки фойдаланмоқчи бўлган лицензиатларга, шунингдек, дастурни ноқонуний йўл билан олишга уринган шахсларга дастурдан фойдаланишни тақиқлайди.
4.5. Фойдаланувчи қуйидагилар ҳақида хабардор қилинган ва инобатга олиши лозим: дастурдан фойдаланиш ҳуқуқини бериш жараёнида Фойдаланувчи ушбу дастур ва бошқа ахборот материаллари Лицензиарнинг мутлақ ҳуқуқи эканлиги ва интеллектуал мулк ҳуқуқи ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа тегишли қонун ҳужжатлари билан ҳимояланганлигини ҳисобга олиши шарт.
4.6. Агар дастурнинг муайян функционалларидан фойдаланиш шартлари мазмунидан бошқача қоида келиб чиқмаса ва www.keeping.uz веб-сайтида кўрсатилмаган бўлса дастур Фойдаланувчиларга ҳафтанинг етти куни, шу жумладан дам олиш ва байрам кунлари ҳам кечаю кундуз фойдаланилиши мумкин. Лицензиар технологик сабабларга кўра (дастурий таъминот ёки аппарат воситаларини янгилаш ва ҳ.к.), шунингдек, ушбу Шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда барча Фойдаланувчилар ёки алоҳида фойдаланувчиларга дастурдан фойдаланишни тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.
4.7. Ўзбекистон Республикасининг тегишли амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига асосан мазкур дастурий таъминот фойдаланувчиларини солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларга тааллуқли бухгалтерия ҳисоби регистрлари ҳамда бошқа бошланғич ҳужжатларини автоматлаштириш йўналишларида ишлаб чиқилган автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган ҳолда қўлланилиши ҳақида огоҳлантиради.
5. ТОМОНЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
5.1. «Лицензиарнинг» ҳуқуқлари:
5.1.1. Ўз хоҳишига кўра ва Лицензиат билан келишилмаган ҳолда, Дастурга, шу жумладан унинг функционал хусусиятларига таъсир қилувчи ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, Дастурни янгилаш. Бундай ҳолда, Дастурнинг ишлаши тўхтатилиши мумкин, бу ҳақда лицензиат Сайтда тегишли маълумотларни эълон қилиш орқали олдиндан хабардор қилинади.
5.1.2. Лицензиат оферта шартларини бузган тақдирда, дастурдан фойдаланишни тўхтатиб туриш.
5.1.3. Лицензиатдан ушбу офертада назарда тутилган мажбуриятларни бажаришни талаб қилиш.
5.1.4. Лицензиар томонидан Сайтда жойлаштирилган офертани, Тариф режасини ва оферта билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни уларнинг янги версиясини Сайтда эълон қилиш орқали ўзгартириш. Бунда Лицензиар томонидан Сайтда жойлаштирилган офертанинг янги таҳрири, Тариф режаси ва офертага тегишли бошқа ҳужжатлар у Сайтда жойлаштирилган (эълон қилинган) кундан бошлаб 2 (икки) календар куни ўтгандан кейин кучга киради.
5.2. «Лицензиарнинг» мажбуриятлари:
5.2.1. Шартномада белгиланган тартибда Лицензиатга Дастурдан фойдаланиш имкониятини бериш.
5.2.2. Лицензиатга дастурдан суткасига 24 соат фойдаланиш имкониятини бериш, профилактика ишларини олиб бориш вақти бундан мустасно.
5.2.3. Шартнома бекор қилинган кундан бошлаб 3 йил ўтгунга қадар ёки Лицензиатдан бундай маълумотларни йўқ қилиш зарурлиги тўғрисида билдиришнома олгунга қадар лицензиат томонидан Дастурга киритилган маълумотларнинг Серверда яхлитлиги ва хавфсизлигини таъминлаш.
5.2.4. Лицензиат томонидан Дастурга киритилган барча маълумотларнинг унинг Серверда бўлиш муддати давомида махфийлигини таъминлаш.
5.2.5. Серверда профилактика ишлари олиб борилаётгани ва/ёки Дастурдан фойдаланиладиган веб-сайт фаолияти тўхтатилганлиги ҳақидаги маълумотларни www.keeping.uz манзилидаги Интернет тармоғида (кейинги ўринларда «Сайт» деб юритилади) эълон қилиш.
5.3. «Лицензиатнинг» ҳуқуқлари:
5.3.1. Дастурни ишга тушириш ва унинг функционал имкониятларидан фойдаланган ҳолда ва Шартномада берилган ҳуқуқлар доирасида Дастурнинг функционал имкониятларига мувофиқ дастурдан фақат офертада белгиланган мақсадларда фойдаланиш. Офертада аниқ кўрсатилмаган Дастурдан фойдаланиш ҳуқуқи ва усули Лицензиатга берилган деб ҳисобланмайди.
5.3.2. Серверда дастурдан кечаю кундуз фойдаланишни амалга ошириш, техник хизмат кўрсатиш вақти бундан мустасно.
5.3.3. Оферта бекор қилингандан сўнг, Лицензиатга дастурдан фойдаланиш пайтида киритилган маълумотларни бериш тўғрисида сўров юбориш ва агар Лицензиат ушбу офертага мувофиқ серверда сақланаётган маълумотларни йўқ қилиш тўғрисида хабарнома юбормаган бўлса, ушбу маълумотларнинг хавфсизлиги лицензиар томонидан таъминланади.
5.3.4. Дастурнинг мақсадига мувофиқ фаолият кўрсатиши билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш, хусусан:
Лицензиат ташкилотининг ходимларига Дастурда ишлаш учун рухсат бериш;
Дастурнинг ишлаши натижасида ҳосил бўлган маълумотларга киришни таъминлаш.
5.3.5. Дастурдан уни қайта сотиш, ижарага бериш, модификациялаш ёки учинчи шахсларга бериш ҳолларини истисно қилган ҳолда фойдаланиш.
5.4. «Лицензиатнинг» мажбуриятлари:
5.4.1. Дастурдан фойдаланганлик учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш;
5.4.2. Дастурни мазкур шартномага асосан белгиланган тартибда фойдаланиш учун қабул қилиш;
5.4.3. Мазкур офертани тўғридан тўғри имзолаш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тегишли ваколатларга эга бўлиши;
5.4.4. ЭҲФнинг ўз вақтида қабул қилиб олинишини таъминлаш;
5.4.5. Дастурдан мустақил равишда фойдаланиш ва лицензиарнинг ёзма розилигисиз дастурдан фойдаланиш ҳуқуқларини учинчи шахсларга бермаслик, дастурни тўлиқ ёки қисман бегоналаштирмаслик, кўпайтирмаслик, нусха кўчирмаслик, шу жумладан, Дастурни қисмларга ажратмаслик, Дастурнинг ва/ёки Сайтнинг бошланғич кодига киришга ҳаракат қилмаслик / ишлаб чиқаришга уринмаслик;
5.4.6. Лицензиарнинг олдиндан ёзма розилигисиз, Шартнома бўйича ҳуқуқ ва/ёки мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман учинчи шахсларга бермаслик;
5.4.7. Ушбу оммавий оферта шартларига ва www.keeping.uz сайти қоидаларига қатъий риоя қилиш;
5.4.8. Мазкур офертада белгиланган тартибда эълон қилинган лицензиарнинг расмий маълумотлари билан мустақил равишда танишиб бориш;
5.4.9. Дастурдан фақат ушбу офертанинг барча шартларига мувофиқ фойдаланиш.
5.5. Лицензиат қуйидаги ҳуқуқларга эга эмас:
5.5.1. Дастурдан нусха олиш;
5.5.2. Дастурни модификациялаштириш;
5.5.3. Дастурни тарқатиш (нусха кўчириш), ошкор қилиш;
5.5.4. Дастур ёки унинг қисмлари нусхаларини тарқатиш ва/ёки Дастурдан фойдаланишдан учинчи шахслар билан муносабатларда тижорат фойда олишга қаратилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш;
5.5.5. Учинчи шахсларга дастур ёки унинг қисмларидан ҳар қандай фойдаланиш учун қўшимча лицензия бериш.
6. ДАСТУРДАН ФОЙДАЛАНИШ НАРХИ ВА ТЎЛОВ ТАРТИБИ
6.1. Дастурдан фойдаланишнинг нархи www.keeping.uz веб-сайтида (кейинги ўринларда – веб-сайт юритилиши мумкин) кўрсатилган нархларга мувофиқ белгиланади.
6.2. Банк ўтказмаси орқали дастурдан фойдаланганлик учун тўлов Лицензиат томонидан фойдаланувчи интерфейси орқали яратилган дастурдан фойдаланганлик учун электрон ҳисоб-фактура асосида амалга оширилади.
6.3. Дастурдан фойдаланганлик учун тўлов Лицензиат томонидан ўзбек сўмида амалга оширилади.
6.4. Лицензиат дастурдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашда фойдаланилган реквизитларнинг тўғрилигини текшириши шарт. Лицензиар банк реквизитлари ўзгарган тақдирда, янги реквизитлар www.keeping.uz сайтида эълон қилинган пайтдан бошлаб, Лицензиат эскирган реквизитлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилган тўловлар учун мустақил равишда жавобгар бўлади.
6.5. Оферта мақсадлари учун дастурдан фойдаланиш учун тўлов keeping.uz веб-сайтининг «Тўлов усуллари» бўлимида келтирилган усуллардан фойдаланган ҳолда қабул қилинади. Дастурдан фойдаланиш учун тўлов усулини/шаклини танлаш ва қўллаш Лицензиат томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ Лицензиар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
6.6. Лицензиатнинг лицензия тўловини тўлаш бўйича мажбуриятлари пул маблағлари лицензиарнинг банк ҳисобварағига келиб тушган пайтдан бошлаб бажарилган ҳисобланади.
7. ФОРС-МАЖОР
7.1. Тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган сабаблар, жумладан табиий офатлар, зилзилалар, тошқинлар, бўронлар, ёнғинлар ёки бахтсиз ҳодисалар, оммавий тартибсизлик, жанговар ҳаракатлар ва/ёки уларнинг таҳдиди, қонуности ҳужжатлари ва қонуности ҳужжатларида чекловлар, тақиқлари ёки ҳукуматнинг бошқа ҳар қандай чоралари ёки мазкур Шартнома имзолангандан кейин пайдо бўлган Тарафларнинг назорати остида бўлмаган бошқа ҳолатлар натижасида ушбу Шартнома бўйича мажбуриятларни қисман ёки тўлиқ бажармаганлик учун тарафлар бир-бирлари учун жавобгар ҳисобланмайдилар.
7.2. Форс-мажор ҳолатлари юзага келганлиги сабабли ўз мажбуриятларини бажара олмайдиган Томон уч кун ичида бошқа Томонни мавжуд алоқа воситалар (телефон, факс, электрон почта ва бошқалар) орқали бундай ҳолатларнинг юзага келиши ва тугатилиши тўғрисида хабардор қилиши шарт.
7.3. Мазкур Шартноманинг 6.2-бандига мувофиқ форс-мажор ҳолатлари тўғрисида хабар бермаслик ёки ўз вақтида хабардор қилмаслик тегишли Томонни мажбуриятларни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик учун асос сифатида кўрсатиш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Форс-мажор ҳолатлари юзага келишининг ишончлилиги ваколатли орган ёки ташкилотнинг тегишли ҳужжати билан тасдиқланиши керак.
7.4. Форс-мажор ҳолатлари ва уларнинг оқибатлари 10 (ўн) календар кундан ортиқ давом этса, Томонлар Шартномани бажаришнинг иккала Томон учун мақбул бўлган муқобил усулларини аниқлаш ва тегишли келишувга эришиш учун имкон қадар қисқа вақт ичида музокаралар олиб борадилар. Агар бу ҳолатлар бир ойдан ортиқ давом этса, иккала томон ҳам Шартномани бекор қилиши мумкин. Бунда Шартнома мажбуриятларининг бажарилмаган қисмида тўхтатилади ва Тарафлар мажбуриятларининг бажарилган ва бажарилмаган қисми бўйича якуний ҳисоб-китобларни амалга оширадилар.
8. КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ ШАРТЛАР
8.1. Мазкур шартлар Тарафлар, уларнинг аффилланган шахслари ва ишчиларининг бизнесни очиқ ва ҳалол юритиш тамойилларига содиқлигини акс эттиради, кўрсатилган шахсларнинг коррупсиявий фаолиятга аралашиш хатарларини минималлаштиришга, шунингдек Тарафларнинг ишбилармонлик обрўсини юқори даражада сақлашга қаратилган.
8.2. Тарафлар мазкур Шартномани бажаришда қуйидаги ҳаракатларни амалга оширмасликни таъминлаш мажбуриятини оладилар: рағбатлантирувчи Тараф фойдасига бирон-бир ҳаракатларни амалга оширилишини (оқланмаган устунлик бериш, бирон-бир кафолатлар тақдим қилиш, тегишли тартиб-таомилларни тезлаштириш ва ҳ.) таъминлаш мақсадида бошқа Тараф ишчиларига, пул воситалари тўлаш ёки тўлашни таклиф қилиш, ёки бошқа қимматликларни тақдим қилиш, ишлар (хизматлар)ни бепул бажариш ва ҳ.; коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликни бузувчи, шу жумладан тижоратда пора эвазига оғдириб олиш ҳамда бизнесни юритишнинг қонунга хилоф ва ғайриҳуқуқий бошқа ҳаракатлар.
8.3. Бир Тараф коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганда, бошқа Тараф шартномани бекор қилиш ҳақида ёзма хабарнома жўнатган ҳолда Шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқига эга. Мазкур шартлар қоидалари асосида Шартномани бекор қилиш ташаббуси билан чиққан Тараф, Шартномани бекор қилиш натижасида вужудга келган ҳақиқий зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
9. МАХФИЙЛИК
9.1. Томонлар мазкур Шартномани бажариш жараёнида ўзларига тегишли бўлган маълумотларни ошкор қилмаслик мажбуриятини оладилар. Мазкур Шартнома бўйича махфий маълумотлар деб, оммавий очиқ бўлмаган ошкор этилиши амалдаги қонунчилик билан махсус ҳимояланган маълумотларни англатади, уларнинг ошкор этилиши йўқотишларга олиб келиши ва/ёки ҳар қайси Томон ишчанлик обрўйига путур етказиши мумкин булган маълумотлар тушунилади, хусусан:
жисмоний шахсларнинг шахсига доир олинган маълумотлари;
Томонлар ўртасида ўзаро ахборот ва технологик ҳамкорликнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги маълумотлар;
Томонлар мазкур Шартноманинг бажариш учун фойдаланадиган дастурий таъминот ва ускуналар ҳақида техник маълумотлар;
тижорат ва банк сири ҳисобланадиган маълумотлар;
Томонларнинг тариф сиёсати ва мазкур Шартноманинг молиявий шартлари тўғрисидаги маълумотлар.
9.2. Мазкур Шартномани тузиш ва Шартнома предмети махфий маълумот ҳисобланмайди.
9.3. Томонлар мазкур Шартноманинг 9.1-бандида кўрсатилган маълумотларни учинчи шахсларга ошкор қилмаслик мажбуриятини оладилар, ушбу Шартнома бўйича мажбуриятларни бажариш учун Томонлар номидан маълумот олиш ва узатишга ваколатли этиб белгиланган ваколатли шахслар бундан мустасно.
9.4. Маълумотлар қабул қилувчи Томон махфий маълумотлар ёки унинг бирор бир қисмини ошкор қилиш учун жавобгар ҳисобланмайди, агар бундай махфий маълумотлар:
қабул қилинган пайтда оммага маълум (умуммаълум) бўлган ёки қабул қилувчи Томоннинг айбисиз оммага маълум (умуммаълум) қилинган бўлса;
қабул қилишдан олдин олувчи Томонга маълум ёки унинг тасарруфида бўлган бўлса;
қабул қилувчи Томонга ошкор қилувчи Томон алоқадор бўлмаган бошқа манбадан маълум бўлса.
9.5. Шартноманинг 9.3-бандида кўрсатилган шартлардан ташқари, 9.1-бандида кўрсатилган маълумотлар учинчи шахсларга, фақат Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда берилиши мумкин.
9.6. Агар қабул қилувчи Томон қонунчиликда махфий ва шу жумладан тармоқ созламалари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишни талаб қилишга ваколат берилган давлат органларига махфий маълумотларни ошкор этиши шарт бўлса, бунда иккинчи Томонни дарҳол ёзма равишда хабардор қилади. Шу билан бирга, ошкор қилувчи Томон тегишли равишда иккинчи Томонни хабардор қилган тақдирда, ушбу бандга мувофиқ махфий маълумотларни ошкор қилмаслик мажбуриятини бузган деб ҳисобланмайди.
9.7. Мазкур Шартноманинг амал қилиши бекор қилинган тақдирда, Томонлар ушбу Шартноманинг 9.1-бандида кўрсатилган маълумотларни ушбу Шартнома бекор қилинган кундан бошлаб 5 (беш) йил давомида ўз манфаатларини ва/ёки учинчи шахсларнинг манфаатларини кўзлаб фойдаланмаслик ва ошкор этмаслик мажбуриятини оладилар.
9.8. Агар Томонларнинг мазкур Шартнома доирасида биргаликдаги фаолияти очиқ манбаларда (шу жумладан расмий веб-сайтларда ёки оммавий ахборот воситаларида) маълумотларни (мақолаларни) эълон этиш учун асос бўлса, Томонлар мақолани эълон қилишдан олдин матн ва материалларини келишиб олишлари шарт.
10. ТОМОНЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ
10.1. Ушбу Шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун Томонлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўладилар.
10.2. Лицензиат дастурдан фойдаланиш учун берилган ҳуқуқлардан ўз таваккалчилиги остида фойдаланади. Лицензиар дастурдан фойдаланиш мақсадига мувофиқлиги учун жавобгарликни ўз зиммасига олмайди.
10.3. Лицензиат ҳеч қандай дастурий таъминот хатодан холи эмаслигини тан олади.
10.4. Лицензиар қуйидаги ҳолатларда жавобгар ҳисобланмайди:
Лицензиатнинг Дастурдан фойдаланиш учун олган ҳуқуқларидан мақсадсиз фойдаланиш билан боғлиқ ҳаракатлари учун;
Дастурдан фойдаланиши учун зарур бўлган маълумотларининг йўқолиши ва/ёки ошкор этилиши натижасида Лицензиатга етказилган зарар учун, агар бундай зарар дастурнинг ишлашидаги хатолар туфайли юзага келмаса;
Дастур билан ишлаш учун зарур бўлган хизматлар сифати (хусусан, маълумотларни узатиш хизматлари), агар улар лицензиар иштирок этмаган учинчи шахслар томонидан ташкил этилган бўлса.
10.5. Лицензиат Дастур билан ишлаш учун Лицензиат учинчи шахслар томонидан ишлаб чиқарилган ва тақдим этилган дастурий таъминот (веб-браузерлар, операцион тизимлар ва бошқалар) ва жиҳозлар (шахсий компютерлар, тармоқ ускуналари ва бошқалар)дан фойдаланиши кераклигини тан олади ва Лицензиар уларни ишлаши ва сифати учун жавобгар бўлиши мумкин эмас.
10.6. Лицензиар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида белгиланган тартибда лицензиат маълумотларининг асосий ахборот хавфсизлигини таъминлайди.
10.7. Лицензиар ушбу шартноманинг бутун амал қилиш муддати давомида Лицензиат маълумотларининг захира нусхасини шакллантиради ва маълумотларининг архивда сақланишини таъминлайди. Маълумотларни захира нусхасини шакллантириш ҳар календар куни амалга оширилади.
10.8. Маълумотларнинг йўқолиши Лицензиарнинг айби билан содир бўлса, у имкон қадар маълумотларни қайта тиклаш бўйича барча зарур чораларни кўради.
10.9. Агар маълумотларнинг йўқолиши лицензиатнинг хатти-ҳаракатлари туфайли юзага келган бўлса, маълумотларни қайта тиклаш мажбурияти Лицензиатга юклатилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам маълумотни тиклаш фақат техник жиҳатдан мумкин бўлганда амалга оширилади.
11. ШАРТНОМА МУДДАТИ ВА БЕКОР ҚИЛИШ ШАРТЛАРИ
11.1. Ушбу Шартнома Томонлар ўртасида имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради ва томонлар мазкур шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажаргунга қадар амал қилади. Агар, Шартноманинг белгиланган амал қилиш муддати тугаганидан сўнг, Томонлар (бюджет ташкилоти бўлган Абонентга татбиқ этилмайди ва улар молия йилига имзоланади) ўз шартларини бажаришни давом эттирса ва Томонларнинг ҳеч бири унинг бекор қилинишини эълон қилмаган бўлса, Шартнома ҳар бир кейинги йилга узайтирилади.
11.2. Мазкур Шартномани бекор қилиш Томонларнинг ёзма равишда расмийлаштириладиган алоҳида келишуви ёки улардан бирининг ташаббуси билан ушбу Шартномада назарда тутилган тартибда ва шартларда амалга оширилади.
11.3. Шартнома бекор қилинган тақдирда, сайтда жойлаштирилган барча маълумотлар, Лицензиатнинг шахсий маълумотлари ва тегишли файллар Лицензиарнинг ахборот ташувчиларидан ва бошқа воситаларидан жисмонан йўқ қилинади.
11.4. Томонларнинг ҳар бири исталган вақтда бошқа Томонни 30 (ўттиз) иш куни олдин хабардор қилган ҳолда шартномани бир томонлама бекор қилиши мумкин. Шартномани бир томонлама бекор қилиш тўғрисидаги хабар ёзма равишда юборилади.
12. ШАХСГА ОИД МАЪЛУМОТЛАР
12.1. Лицензиар Лицензиатнинг шахсга оид маълумотларини (хусусан: фамилияси, исми, отасининг исми, рўйхатдан ўтган манзили, унинг шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжатнинг рақами, кўрсатилган ҳужжатнинг берилган санаси ва уни берган орган, почта манзили тўғрисидаги маълумотлар шу жумладан почта индекси, электрон почта манзили, алоқа рақамлари)ни қуйидаги мақсадларда тўплайди ва қайта ишлайди:
Мазкур шартнома шартларини бажариш;
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 июлдаги «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонуни талабларига риоя қилиш.
12.2. Дастурга бўлган ҳуқуқни ўтказишда Лицензиар Лицензиатдан ушбу Шартнома шартларини бажариш учун Лицензиатнинг шахсга оид маълумотларини тўплаш ва қайта ишлашга розилигини олади.
12.3. Лицензиат, ўз навбатида, Лицензиарга шахсга оид маълумотларни тўплаш ва қайта ишлашга розилик беради.
12.4. Шахсга оид маълумотларни тўплаш ва қайта ишлашда Лицензиат ва Лицензиар ушбу Шартноманинг 8.1-бандида белгиланганидан ташқари бошқа мақсадларни кўзламайди.
12.5. Шахсга оид маълумотларга фойдаланувчининг ва/ёки Лицензиатнинг шахсга оид маълумотларини ҳисоб-китоб (Бухгалтерия) қилишда масъул ходимлари ва Лицензиарнинг техник ёрдам хизмати кўрсатишга масъул ходимлари кириш ҳуқуқига эга бўлади.
12.6. Лицензиар қуйидаги мажбуриятларни олади:
Фойдаланувчилар ва/ёки Лицензиатнинг шахсга оид маълумотларига доир махфийликни сақлаш;
Учинчи шахслар томонидан фойдаланувчиларнинг ва/ёки лицензиатнинг шахсга оид маълумотларидан рухсатсиз фойдаланишга уринишларнинг олдини олиш;
Фойдаланувчилар ва/ёки Лицензиатнинг, келиб тушган аризалар бўйича ишларни бажарилиши билан бевосита боғлиқ бўлмаган шахсларнинг шахсга оид маълумотларига киришни истисно қилиш.
13. НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШ
13.1. Томонларнинг мазкур Офертада назарда тутилмаган жавобгарлик чоралари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ белгиланади.
13.2. Шартномани бажариш юзасидан томонлар ўртасида келиб чиқадиган низоларни ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиш имкони бўлмаганда, амалдаги қонунчилик асосида Тошкент туманлараро иқтисодий судида ҳал этилиши мумкин.
ЛИЦЕНЗИАРНИНГ РЕКВИЗИТЛАРИ
«REALSOFT» МЧЖ
Юридик манзили: Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Мирзо улуғбек МФЙ, Кичик Ҳалқа Йўли кўчаси, 38-уй.
СТИР: 303465075
Ҳ/Р: 20208000800510463010
МФО: 01095
Банк: ASIA ALLIANCE BANK Шайхонтохур филиали